“Ўзбекистондаги носвойлардан 10 хил заҳарли модда аниқладик” — Япониядаги ўзбек олими янги тадқиқоти ҳақида
“Одамлар носни нисбатан зарарсиз деб истеъмол қилади, лекин бир қанча заҳарли модда тупроқ орқали носга қўшилиб қолишидан бехабар. Бизни ҳам натижалар ҳайрон қолдирди, яқинда тадқиқотни тўлиқ чоп қиламиз”, – дейди олим Жасур Жўраев Кun.uz мухбири билан суҳбатда.
Май ойида Ўзбекистоннинг 6 ҳудудидан носвойлар ёки тамакисиз чекиш маҳсулотларидан намуна олиб, Япониянинг Киото университети лабораториясида текшириш учун олиб борилган. Тадқиқот натижалари ҳақида олим Жасур Жўраев Кun.uz мухбирига гапириб берди.
Жасур Жўраев 5 йилдан бери Японияда ўқиб, жамоат соғлигини сақлаш бўйича илмий изланиш қилиб келади. У 2010 йил Тошкент тиббиёт академиясининг тиббий профилактика йўналишини ва 2017-2019 йилларда Япониянинг Хиросима университети магистратурасида ўқиган. 2023 йилдан бери Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти мутахассислари билан ҳамкорликда ишлаб келяпти.
Жўраев 2024 йилнинг май ойида Фарғона, Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё вилояти ва Тошкент шаҳридаги 25 дона (20-30 граммли) носвойни Киото университети токсикологик лабораториясига олиб борган. Носвойлар инсон ва атрофга салбий таъсир қилувчи 10 хил органик моддалар учун текширилган. Улардан қуйидаги турғун органик ифлослантирувчи кимёвий моддалар (пестицидлар) топилган: α-hexachlorocyclohexane, α-geksaxlorosiklogeksan, dieldrin, diyeldrin, toxphene-P26, toksafen- P26, endosulfan-2, endosulfan-2, hexachlorobenzene, geksaxlorobenzin.
“Бу моддалар носвойда қанча миқдорда бўлиши ҳақида ҳозирча меъёр белгиланмаган. Лекин текширганимизда ўзбек носвойида сигаретлардаги заҳарли моддалар бир неча баробар кўпроқ бўлиб чиқди. Тадқиқот тугаса, тавсиявий меъёр белгилаб, ССВ орқали маълум қиламиз”, – деди у.
Маълумот учун, турғун органик ифлослантирувчилар ва пестицидлар саломатлик ва сайёра экотизимларига таҳдид солувчи хавфли кимёвий моддалар ҳисобланади. Улар ўсимлик зараркунандалари ва касалликлари, бегона ўтлар, шунингдек, ёғоч, пахта толаси маҳсулотлари, жун, тери зараркунандалари, уй ҳайвонларининг хавфли касалликлар қўзғатувчиларига қарши курашишда фойдаланилади. Бу органик моддалар ер ва сувда узоқ вақт сақланиб қолади, атроф-муҳитга кенг тарқалади, улар озиқ-овқат занжири орқали тирик организмларда тўпланади ва одамлар учун ҳам, ёввойи табиат учун ҳам заҳарли ҳисобланади.
Жўраевга кўра, ўзбек носвойларида Стокгольм конвенциясида келтирилган турғун органик ифлослантирувчи моддалар аниқланган. Конвенция рўйхатидаги моддалар 3 тоифага бўлинган: А, Б ва C органик моддалардир. Турига қараб уларни ишлаб чиқариш ва ишлатиш чегараланган ёки тақиқланган.
Жўраев носвой истеъмол қилувчилар нега уни нисбатан зарарсиз деб ўйлашини қуйидагича изоҳлади. “Нос уй шароитида зарарсиз тайёрланади ва сигарет билан таққослаганда тутун йўқ, никотин ўпкагача етиб бормайди, туфлаб ташлайман, ичимга кетмайди деб ўйлашади. Лекин ҳар йили АҚШда 1300 га яқин киши тутунсиз тамаки сабаб оғиз саратонига учрайди”, – деди у.
Тадқиқотларга кўра, дунёнинг 121 давлатида 350 миллиондан ортиқ тутунсиз тамаки фойдаланувчилари бор ва уларнинг 67 фоизи эркаклар, 33 фоизи аёлларни ташкил этади. Уларнинг 95 фоизга яқини ривожланаётган мамлакатларда, атиги 5 фоизи ривожланган мамлакатларда яшайди. Бу тамаки турлари ёнмайди ва чайнаш, оғизда сақлаш, шимиш (носвой) ва ҳидлаш орқали қўлланади.
Жасур Жўраев носвойнинг қуйидаги зарарларини санади:
– Таркибида 4000 та кимёвий моддалар аралашмаси бор, уларнинг 30 ва ундан кўпроғи саратонга олиб келади.
– Ҳомиладорлик вақтида тутунсиз тамакидан фойдаланиш эрта туғилиш ва ўлик туғилиш хавфини ошириши мумкин.
– Юрак хасталиги ва инсултдан ўлим хавфини оширади.
– Тўғридан тўғри (масалан, касалхонага ётқизиш ва дори-дармонлар) ва билвосита харажатларга таъсир қилади, бу ҳозирги вақтда ёки келгусида ногиронлик ва ўлимга олиб келади.
– Саратон тадқиқотлари халқаро агентлиги (IARC-the International Agency for Research on Cancer) тутунсиз тамакилар оғиз бўшлиғи, қизилўнгач ва ошқозон ости бези саратонига сабаб бўлади деган хулосага келди.
– Носни ерга ёки сувга тупуриш орқали атроф-муҳитга зарар етади.
Тадқиқотчи носвойда аниқланган турғун органик моддалар барча тутунсиз тамаки маҳсулотларида борлигини айтади ва улар қуйидаги хавфларга сабаб бўлади.
– саратон (оғиз бўшлиғи, қизилўнгач ва бошқа);
– юрак-қон томир касалликлари;
– репродуктив касалликлар (бепуштлик);
– семизлик;
– иммунитет тизимининг ўзгариши;
– эндокрин тизимининг бузилиши ва туғма нуқсон касалликлар ривожланиши.
“Шуни эслатиб ўтамизки, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ёки ҳамма носвой таркибида биз аниқлаган турғун органик моддалар бор деб айта олмаймиз. Бу саволга жавоб топиш яна қўшимча илмий изланишларни талаб этади”, – деди Жўраев.